Сайт тест режиминде!

ДАВЛАТ БОҒЧАЛАРИГА НАВБАТГА ҚЎЙИШДА ИМТИЁЗ БЕРИЛАДИГАН БОЛАЛАР ТОИФАЛАРИ ҚИСҚАРТИЛИШИ МУМКИН

Ўзбекистонда давлат мактабгача таълим муассасаларига навбатда туришда имтиёз бериладиган болалар тоифаси қисқариши мумкин. Бу ҳақда адлия вазири Руслан Давлетов Facebook ижтимоий тармоғидаги «Халқ билан мулоқот» гуруҳида бўлиб ўтган онлайн мулоқотда маълум қилди.

Адлия вазирининг сўзларига кўра, айни пайтда давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилишдаги имтиёзлар асоссиз равишда кўп ҳамда бунга чек қўйиш мақсадида ҳукуматга тегишли қарор лойиҳаси киритилган. Ушбу лойиҳада имтиёз фақат ногирон бўлган шахсларнинг болаларига ва етим болалар ёки ота-онасининг қаровисиз қолган болаларга берилиши назарда тутилган.

Маълумот учун, амалдаги тартибга кўра, давлат мактабгача таълим муассасаларига навбатга қўйилишда қуйидаги тоифадаги болалар устунликка эга:

  • ногирон бўлган шахсларнинг болалари;
  • уч нафар ёки ундан кўп болалари бўлган оилаларнинг болалари;
  • ҳарбий хизматчиларнинг ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг болалари;
  • талабалар ва педагогларнинг болалари;
  • етим болалар ёки ота-онасининг қаровисиз қолган болалар;
  • бошқа муассасалардан ўтказилган болалар;
  • акалари ёки опалари ушбу муассасанинг тарбияланувчилари жумласидан бўлган болалар.

Дерек: kun.uz