Сайт тест режиминде!

Хусусий Боғчалар: Шароити Зўр, Аммо Нархи…

Статистик маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, бугунги кунда Тошкент шаҳрида 632 та мактабгача таълим муассасаси мавжуд. Уларнинг 447 таси давлат, 185 таси эса хусусий тадбиркорлар тасарруфида бўлиб, жами 123 минг нафарга яқин бола тарбия­ланмоқда. Айни пайтда МТМга бормайдиган 69 минг нафардан ортиқ 3 ёшдан 6 ёшга бўлган болаларни босқичма-босқич боғчаларга қамраб олиш тараддуди кўрилаётгани ҳам бежиз эмас.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: Хўш, давлат муассасалари билан хусусий боғчалар ўртасидаги фарқ нимада? Бу саволга жавоб излаб, Чилонзор туманидаги 10 тадан ортиқ МТМлар ҳамда хусусий «боғча» ва мактабгача ёшдаги болаларга таълим беришга ихтисослашган курс­лардаги аҳволни ўрганишга жазм этдик. Маълум бўлишича, давлат «боғча»ларида бола ҳафтасига беш кун таълим олади. Бунинг эвазига бир ойда муассасага оиладан бир нафар фарзанд қатнаса, 155 минг сўм тўланади. Муассасага оиладан бир нафардан ортиқ бола қатнаётган бўлса, уларнинг ҳар бири учун 110 минг сўм нарх белгиланган. Хусусий ўқув марказлари ҳафтасига икки кун, одатда шанба ва якшанба кунлари болаларни қабул қилади ва улар билан 2 – 4 соат шуғулланади. Бунинг эвазига амалга ошириладиган тўлов 180 – 240 минг сўмни ташкил этади.
Хусусий боғчаларда ҳолат анча бошқачароқ. Масалан, бир бола учун «Mega child» хусусий болалар «боғча»сида 1 миллион 200 минг сўм, «Кindergarden» хусусий болалар «боғча»сида 1 миллион 800 минг сўм, «Erudite International» хусусий болалар «боғча»сида 2 миллион 500 минг сўм тўланади. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, нархдаги тафовут ер билан осмонча.
Энди давлат муассасалари билан хусусий «боғча»ларнинг таълим-тарбия борасидаги фарқли жиҳатларига тўхталамиз.
Хусусий боғчада машғулотлар олий маълумотли педагоглар томонидан инглиз ва рус тилларида олиб борилади. Тарбияланувчилар 10 — 12 нафардан иборат кичик гуруҳларга бўлинган. Ҳар бир гуруҳга алоҳида ўқитувчи масъул сифатида бириктирилган. Машғулотлар қатъий белгиланган режа-дастур асосида олиб борилади ва ҳар бир боланинг ўзлаштириш даражаси ота-онасига алоҳида ҳисобот шаклида тақдим этилади. Юқори малакали тарбиячи, дефектолог, психолог, мусиқа раҳбари фаолият юритади. Боланинг соғлом ўсиб, ривожланиши учун тўғри овқатланишига жуда катта эътибор берилади. Малакали ошпазлар кунлик талаб этиладиган витаминларга бой 5 маҳал овқат тайёрлашади. Инглиз ва рус тилларини мукаммал ўргатишга йўналтирилган машғулотлар билан бирга болаларнинг кенг қамровли қизиқишларини инобатга олган ҳолда санъат, мусиқа, рақс, шахмат ва каратэ тўгараклари ҳам ташкил этилган. Бундан ташқари, эртак қаҳрамонлари иштирокидаги турли ўйин ва машғулотлар ҳам таълим ­дастуридан жой олган.
Моддий нуқтаи назардан давлат боғчалари аҳоли учун манфаатли, албатта. Лекин харажатларни тўлиқ қоплаш имконига эга эмаслиги сабабли улар моддий-техник жиҳатдан ёрдамга муҳтож. Бундай муассасада хизмат сифати ҳам етарлича бўлмаслиги табиий. Лекин аҳолининг катта қисми фарзандларини давлат боғчасига ишониб топширади. Бунинг сабаби оддий — ҳамма ҳам ҳафтасига 2 – 4 соат ўтказилган машғулот учун 240 минг сўм тўлаш имкониятига эга эмас.
Яна бир эътиборга молик жиҳат шундаки, мактабгача таълим муассасасига борадиган фарзанди бор оила аксарият ҳолларда иш фаолиятини яқинда бошлаган ёш оила бўлиб, ойлик маоши ҳам шунга яраша. Ўрта ҳисобда бир ярим – икки миллион сўм топадиган ёш оила кундалик рўзғор, коммунал тўловлари, кийим-кечакдан орттириб фарзандининг боғчасига катта маблағ ажратиши даргумон. Белгиланган расмий талабга мувофиқ, боғчада болалар ўқиш-­ёзиш, чизиш, математика асос­лари, шунингдек, рус ва инглиз тилидан нимадир ўрганиши керак. ­Афсус­ки, уларнинг катта қисми амалда бу талабга жавоб бермайди.
Мазкур тизимда тўпланиб қолган муаммолар Президентимизнинг «Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида ўз аксини топган бўлиб, жумладан, унда муассасаларнинг моддий-техника базаси замон талабларига жавоб бермаслиги, тизимда фаолият юритаётган аксарият кадрлар ўрта махсус маълумотга эга бўлиб, бу болаларни мактаб таълимига талаб даражасида тайёрлаш имконини бермаслиги таъкидланган.
Жорий йилдан бошлаб 5 йил давомида хусусий боғчалар томонидан табиий газ ва электр энергияси учун сарфланадиган маблағнинг ярми давлат бюджети ҳисобидан қопланиши халқимиз, жумладан, тадбиркорларни руҳлантириб юборди. Берилаётган бундай имконият пировардида халқимиз манфаатига хизмат қилади. Ушбу механизм Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Респуб­ликаси мактабгача таълим вазирлиги ва унинг тизимидаги муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги қарори асосида амалга оширилади. Хусусий боғчалар учун давлат томонидан берилаётган кўплаб имтиёзлар тўлов нархларини арзонлаштириш мақсадини кўзлагани билан янада аҳамиятлидир. Тадбиркорлар ҳам бу имкониятлардан оқилона фойдаланиши лозим. Чунки гап қандайдир буюм ёки техника ҳақида эмас, балки келажагимиз эгалари манфаатлари ҳақида кетмоқда. Шундай экан, берилган имкониятларга муносиб жавоб тариқасида нархлар муқобиллаштирилса, нур устига нур бўларди.
Донолар ёшликни баҳорга қиёслайди. Зеро, бу фаслда ерга тушган ҳар қандай уруғ ниш отади, гуллаб-яшнайди. Кузда йиғилиб, қиш учун захира қилинадиган ҳосил салмоғи ҳам кўкламдаги меҳнатга боғлиқ. Ана шу ҳикматдан келиб чиққан ҳолда эртамиз эгалари мактаб остонасига қадам қўйган дастлабки даврданоқ замон талабларига мос таълим-тарбия олиши, уларнинг онгу қалбини эзгу фазилатлар, Ватанга муҳаб­бат, аждодлар меросига садоқат каби инсоний туйғулар билан бойитишга эътибор қаратилиши лозим. Зеро, мактабгача таълим тизимида бошланган бугунги ислоҳотлардан нафақат ота-­оналар, балки давлатимизнинг ҳам умиди катта.

Зулфия
ХОЛМУҲАММЕДОВА